Адабиётшунос олим ва машҳур таржимон Иброҳим Ғафуров 89 ёшида вафот этди

Ibrohim G'afurov

Сурат манбаси, Rasmiy

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим ва машҳур таржимон Иброҳим Ғафуров ҳаётдан кўз юмди. У Достоевский, Хемингуэй ва Айтматов асарларини ўзбек тилига ўгирган, ҳамда ўзбек адабиёти ва маданиятига улкан ҳисса қўшган инсон сифатида тарихда қолди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 6 июн куни Иброҳим Усмонович Ғафуровнинг вафот этганлиги ҳақида хабар берди. Адиб 89 ёшида дунёдан ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мотам билдирди ва Ғафуровни ўзбек маданиятига беқиёс ҳисса қўшган ижодкор сифатида таърифлади.

1937 йилнинг 27 декабрида Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган Иброҳим Ғафуров 1956–1961 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факултетида таҳсил олган.

У 1961 йилдан 1982 йилгача Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир лавозимидан бош муҳаррир ўринбосаригача кўтарилди. Сўнг 1982–1995 йилларда "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Ғафуров 1995 йилда "Миллий тикланиш" Демократик партиясини ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлди ва узоқ йиллар давомида партия раиси ҳамда "Миллий тикланиш" газетасининг бош муҳаррири сифатида хизмат қилган.

1997 йилдан 2005 йилгача Олий Мажлис депутати, матбуот ва ахборот қўмитаси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Жаҳон адабиётини ўзбек китобхонига туҳфа этган таржимон

Ғафуровнинг энг муҳим меросларидан бири - жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилганлиги. У Фёдор Достоевскийнинг "Жиноят ва жазо", "Телба", "Қиморбоз", "Иблислар" ва "Ака-ука Карамазовлар" асарларини, Эрнест Хемингуэйнинг "Алвидо, қурол!" ва "Чол ва денгиз" романларини, Габриэл Гарсия Маркеснинг "Бузрукнинг кузи", Жеймс Жойснинг "Улисс" каби улкан асарларини ўзбек тилида сўйлата олган.

Бундан ташқари, у Чингиз Айтматов, Ги де Мопассан ва Распутин асарларини ҳам ўзбек китобхонларига етказган. Адабий танқидчи сифатида "Гўзалликнинг олмос қирралари", "Лириканинг юраги", "Шеърият - изланиш демак" сингари кўплаб китоблар муаллифи эди.